Folk instruments and the human psyche

Рубрика

Культурология, искусствоведение, дизайн

Ключевые слова

folk music
folk instruments
narration
mashshak
melody
song

Аннотация статьи

The article examines the positive influence of Uzbek folk songs on the human psyche, health on the basis of folk legends and presents some legends about the appearance of certain folk instruments.

Текст статьи

Халқ чолғу асбобларининг ҳар бири ўз оҳанги, ишлатилиш ўрни, кишиларга руҳий-эстетик таъсирига кўра қадрланган. Халқ қувончу дардли онларига шерик бўлиб, ҳеч кимга айта олмайдиган ҳис-туйғуларининг ифодачиси ҳисобланган созларнинг ҳар бири тўғрисида кўплаб ривоятлар тўқиган. Бу ривоятларда мусиқа асбоблари, улардан таралаётган сеҳрли оҳангларнинг инсон кайфиятига, соғлигига таъсири, руҳий қуввати улуғланади.

Мана шулардан бири.

Ривоят қилишларича, бир куни Абу Али ибн Синога ўғли келиб:

  • Падари бузруквор, сиз менга ота бўлибгина қолмай устозлик ҳам қилдингиз.Сиз бўлмаганингизда бунчалик даражага эришмаган бўлар эдим. Сиздан яна бир масалада кўмак сўрамоқчиман. Ёрдамингиз зарур бўлиб қолди,- дебди.
  • Сўранг, бўтам, - дебди Ибн Сино.
  • Сиз берган ва ўзим тайёрлаган дори- дармонлардан кўплаб касаллар даво топишди. Аммо уч касал бор, уларга ҳеч қайси дори кор қилмайди. Шунинг боисини сўрагани келдим, - дебди.

Ибн Сино:

  • Машшоқлардан фойдаландингизми? – деб сўраб, “йўқ” жавобини эшитгач, шундай дебди. “Ҳозир борингда беш- олти машшоқни олиб, ўша касалларнинг олдида катта куйлардан чалдиринг. Мусиқа оҳанглари айрим хасталикка ҳар қандай дори- дармондан кўра кучлироқ таъсир қилади. Мен буни ўзимда кўп марта синаб кўрганман”.

Ибн Синонинг ўғли отасидан рухсат олиб, саройга қайтиб келибди-да, шаҳарнинг машҳур машшоқларидан беш- олтитасини эргаштириб изига қайтибди. Дори таъсир қилмаган хасталар ёнига машшоқларни ўтирғизиб, куйлар чалишни буюрибди. Машшоқлар дутор, танбур, удларда оғир, босиқ куйдарни бошлаб юборишибди. Бир пайт мусиқа авж пардасига чиққанда касаллардан бири оҳ деб ўрнидан тура бошлабдию, кейин иккинчиси ўрнидан қўзғалибди. Машшоқлар чалаверибди. Бора-бора беморлар ўрнидан туриб ўтира бошлабди. Машшоқлар куйни тўхтатишганда, касаллар кулиб анча тетиклашибди. Кейин эса бутунлай соғайиб кетибди. Шу-шу Ибн Синонинг ўғли отасининг йўлидан бориб, қайси хастанинг уйига борса, ё саройга чақиртирилса, созандалардан ўзи билан олиб юрадиган бўлибди. Турли-туман дори-дармонлар қаторига машшоқларнинг куй-қўшиқларини ҳам қўшиб олибди.

Давримизнинг етук бахшиси Қаҳҳор Раҳимовдан фольклоршунос А. Эргашев ёзиб олган қуйида хотира ҳам мусиқанинг инсонга руҳий таъсирини кўрсатишига ҳаётий мисолдир.

“Кунлардан бир куни Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманига тўйга чақиришди. Тўй жуда мароқли ва файзли ўтди. Тўй охирида, тонг ёришиб, мен достонни тугатиб бўлган пайтда Мамаражаббой деган бир механизатор ёнимга келиб, ўзини таништириб шундай деди:

  • Укам Қаҳҳоржон, отангиз Қодир бахши менинг фарзандларим тўйига келиб, “Юсуф ва Аҳмад” достонини айтган, мен 17 та микрокассетага ёзиб олган эдим. Кекса отам бу касеталарни мендан олиб напрамачга солиб тайлади. Қачон эшитгиси келса, хилватда менга магнитафонни қўйдириб эшитар ва яна олиб қўярди. Орадан йиллар ўтди. Охири отам 95 ёшида оғир касалланиб ётиб қолди. Ҳеч қандай чора кор қилмай оғирлаша борди. Бир кечқурун мени чақириб: “Ўғлим, напрамачдан кассетани ол ва менга қўйиб бер. Сўнг уйни маҳкамлаб, ўзинг ҳам чиқиб дамингни ол. Мен бир қўшиқ тинглайин”,- деди синиқ овозда. Аммо овози синиқроқ бўлса- да, отамнинг истаги, гапидан хурсанд бўлиб, демак тузалаётир деб ўйлаб топшириқларини бажардим. Орадан ярим соатча фурсат ўтиб, отамдан хабар олиш учун хонага оҳиста кирдим. Отам чалқарамон ётар, кўкраги устидаги магнитафондан Қодир бахшининг сеҳрли сози ва бахши овози тараларди. Бахши “Юсуф ва Аҳмад” достонидан жаллодларнинг Мирза Маҳмудга Юсуф-Аҳмадни топшириш учун қумлоқдан ҳайдаб кетишини берилиб, юракларни сел қилиб куйларди. Негадир ҳансираб нафас оладиган отамнинг нафаси сезилмасди. Ёнига бориб, секин “ота”,- дедим. Жим. Аста қимирлатсам...

Во дариғ, отам Қодир бахши куйлаётган магнитафонни қучоқлаб, бахшини тинглаб жон таслим қилибди. Ҳа, отам, шу нафасда биз фарзандлари, яқинлари овозини тинглаб эмас, бахши сози ва овозини эшитиб кўз юмишни афзал кўрган эканда”.

Яратувчи ва ижодкор халқимиз дил садоларини ўзида жам этган куйлар хорижликларни ҳам лол этганки, фикримизни далиллаш учун машҳур фольклоршунос Малик Муродов(1933-2001)нинг қуйидаги қайдларига назар ташлайлик: “Ўзбекнинг турган-битгани руҳий ва миллий қадриятини ўзида жамулжам этган сеҳрли куй, ҳузурбахш қўшиқ экан,- деган эди хорижлик бир олим.

Дарҳақиқат, ўзбекнинг шоир бўлмагани кам бўлганидай, ҳеч бўлмаса ҳиргойи қилмагани, куй, қўшиқ сеҳридан сел бўлмагани йўқ десак хато кетмаймиз. Буни эл орасида бўлиб чигит титаётган, ўрмак ўраётган, мол соғаётган чечан оналарни, минг жило бериб кашта тикаётган, пахтазор оралаб меҳнат қилаётган, гул гулзорга зеб бериб юрган опа-сингилларни, яйлов кезаётган чўпонларни, ёғочга жон ато этаётган усталарни, мўл ҳосил олаётган бобо- деҳқонларни кўриб, улар билан мулоқатга киришганда пайқаб олишнинг қийин жойи йўқ. Ҳа, ўзбек деган улуғ халқнинг деярли ҳар бири қўшиқ, куй шайдоси, ижрочиси, ижодкори. Бу ёруғ дунёга ёқимли қўшиқ билан келган, танглайи куй, қўшиқ билан кўтарилган; куй, қўшиқ билан олтин тахти- бешикка беланган, ўсган, унган, охири манзилга ҳам қўшиқ билан кузатиладиган ким десангиз- ўзбек. Шуларни ўйлар экансан, Ду-Ду Дъен жаноблари ҳақ эканлигига имон келтирасан киши”.

Бу фикрнинг далили сифатида ўзбек мусиқа асбоблари, мусиқий оҳанглар, созанданинг, қўшиқчининг, достончининг худо берган руҳий қуввати тўғрисида яратилган ўнлаб афсоналар, ривоятлар, ҳикоятларни истаганча келтириш мумкин.

Мана айрим ривоятларга эътибор беринг:

Афғон рубоби ҳақида ривоят

Бухоро хонининг ҳуснда тенги йўқ бир қизи бор экан. Аммо шу ҳусни- жамоли билан қадди қоматига қарамай уйқусизликка учраган касалманд экан. “Қизим ўлиб қолмасмикан?” – деб хон куну тун ғамда экан. Қаратмаган табиби, боқтирмаган қушночи қолмабди. Барибир қиз тузалмай, кундан кунга баттарлашаверибди. Қизни кечаси қаср ичига олиб киришар, эрталаб лабиҳовуз олдига чиқариб қўйишар экан. Хоннинг қизи лабиҳовуз олдига ўтириб, боғда юрган товусларга тикилиб хаёл сургани сурган экан. Уларни жуда яхши кўрар эканда, товуслар патларини ёйса кўнгли ёришар, ўйинга тушса қувонар экан. Доим: “Шу товуслар сўзлашиб, қўшиқ айтиб рақсга тушишса қандай ажойиб бўларди”- дер экан. Бухорода яшовчи бир афғон йигити бундан хабардор бўлиб қолибди. У қўли гул уста бўлиб, ҳатто қуруқ ёғочга ҳам жон киритиб юбораркан. Ҳунарини ишга солиб, товусга ўхшаган бир асбоб ясабди - да, уни олиб хоннинг саройига борибди. Хонга рўбарў бўлиб: “Мен қизингизни тузатаман”, -дебди. Хон рози бўлибди. Афғон йигит боққа кириб, қизнинг ёнига келибди ва ўзи ясаган товуссимон асбобни чала бошлабди. Асбобнинг гоҳ хазин, гоҳ мунгли, гоҳ жўшқин куйига берилиб кетган хоннинг қизи аста - аста уйқуга кетибди. “Уйқу дардга даво, беморга шифо”, - деб бежиз айтишмаган. Афғон йигит созини чалишни тўхтатмабди, хон қизи уйғонмасдан ухлаганча ухлайверибди. Бора-бора афғон йигит уни яхши кўриб қолибди. Қизга меҳри ошган сари қўлидаги асбоби янада бошқачароқ бўзлайверибди. “Қизим нима бўлдийкан, бир хабар олай”, - деб боққа чиққан хон қизини уйқу оғушида, ёнидаги афғон йигитни эса қўлидаги асбобини бўзлатаётган ҳолда кўрибди. “Тағин қизимнинг бошини айлантириб қўймасин”, - деб ўйлабди - да, йигитни боғдан ҳайдаб чиқарибди. Хон қизи тузалиб кетибди. Афғон йигитни кўп йўқлатибди, тополмабди. Хон қизининг тузалиб қолганини кўриб, ўзига ўхшаган хоннинг ўғлига катта тўй қилиб бериб юборибди.

Афҳон йигити қизнинг ишқида ўзи ясаган асбобни чалгандан чалиб юраверибди. У куй чалганда уйқусизлар уйқуга кетибди, касаллар тузалибди, муҳаббати бевақт хазон бўлганларнинг дардига дард қўшилибди.

Шу-шу афғон йигит ясаган асбоб “Афғон рубоби” деб аталадиган бўлибди. Афғон рубобининг овозини эшитган кишиларнинг дардига дард қўшилиши ёхуд таскин топиши шундан экан.

Доира

Қадим-қадим замонларда бир мамалакатнинг савдогарлари савдо қилиш учун сафарга чиқишибди. Йўллари чўли Маликдан ўтар экан. Йўл юриб, йўл юришса ҳам оз эмас мўл юришиб чўли Маликнинг қоқ ўртасига бориб қолишибди.

Бир пайт ғамлаган сувлари тамом бўлиб қолибди. Сувсизликдан бирин-кетин сулайишиб ётиб қолишибди. Куч-қувватлари кетиб, туриб юришга асло мадорлари қолмабди. Карвонда бир йигит ҳам бор экан. У ўзининг охирги мешидаги сувини сафдошлари оғзига томчилатиб- томчилатиб қўйибди. Одамлар бир оз ўзларига келишибди-ю, барибир иссиқ ҳамда чанқовдан йўлга туша олмабдилар. Шунда бояги йигит ўйлаб- ўйлаб, сувдан бўшаган мешини ёриб, араванинг ғилдирагига таранг қилиб тортибди. Шундан кейин офтобга қаратиб қўйибди. Сўнгра уни така- тумлата бошлабди. Овозига маҳлиё бўлиб қаттиқроқ така - тумлатибди. Бора-бора уни шунчалик ура бошлабдики, асбобнинг овози бутун чўлни ларзага келтирибди. Ғайритабиий бу овоздан одамлар ҳам ўзларига келиб, ғимирлай бошлашибди. Овоз бархандан барханга ўтибди, тепаликдан тепаликка кўчибди. Охири шу чўлнинг нариги четида кетаётган бошқа карвондагиларнинг қулоғига етиб борибди. Карвондагилар: “Карвон ҳалокатга учрабди, бўлмса бунақа овоз чиқармасди. Ёрдамга чақираяпти, бормоқ керак”, - деб уларнинг олдиларига етиб боришибди. Сув бериб фалокатга учраган савдогарларни омон сақлаб қолишибди-да, савдо сафарига бирга олиб кетишибди.

Чўлда сувсизликдан ҳалокат ҳолига келган савдогарларни сақлаб қолган нарса доира екан. Шу-шу доира “така-така-тум, така-така-тум” деб овоз чиқара бошладими, одамларда тетиклик, дадиллик, жасурлик кайфиятлари уйғонаркан.

Ҳар бир халқ чолғу асбоблари ҳақидаги ривоятлар ўша сознинг пайдо бўлиш тарихи, аҳамияти ҳақида ёш авлодга мусиқий таълим бериш жараёнида алоҳида аҳамиятга эгадир.

Список литературы

  1. Муродов М. Сарчашмадан томчилар. – Т., 1984. – Б.48.
  2. Эргашев А. Қодир бахши абадияти. – Қарши: Фан ва таълим, 2002. – Б.124.

Поделиться

449

Ergasheva M.. Folk instruments and the human psyche // Актуальные исследования. 2023. №17 (147). Ч.II.С. 22-25. URL: https://apni.ru/article/6081-folk-instruments-and-the-human-psyche

Обнаружили грубую ошибку (плагиат, фальсифицированные данные или иные нарушения научно-издательской этики)? Напишите письмо в редакцию журнала: info@apni.ru
Актуальные исследования

#52 (234)

Прием материалов

21 декабря - 27 декабря

осталось 6 дней

Размещение PDF-версии журнала

1 января

Размещение электронной версии статьи

сразу после оплаты

Рассылка печатных экземпляров

17 января